Хабарингиз бор, ҳар йили республикамизда давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутувчи байрамлар ва саналар арафасида халқимизга хос бўлган кечиримлилик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ҳужжат – амнистия акти қабул қилиб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз мустақиллиги байрами, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши ва бошқа тадбирлар муносабати билан истиқлол йилларида жами 24 та амнистия тўғрисидаги фармон ва қарорлар эълон қилинди. Ушбу сиёсий-ҳуқуқий актларга мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларидаги маҳкумлар озод этилгани ва айримларининг ўталмай қолган жазо муддатларининг қисқартирилгани ҳақиқий маънодаги инсонпарварлик намунасидир.
«Амнистия» сўзи грек тилидан олинган бўлиб, гуноҳдан ўтиш, кечириш деган маънони англатади. Юридик нуқтаи назардан қараганда, амнистия акти бирон-бир ҳуқуқбузарлик, яъни маъмурий ёки жиноий қилмиш содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Шу ўринда савол туғилади: амнистия акти қандай тартибда қабул қилинади?
Мавжуд қонунчилигимизга биноан амнисти акти Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинади.
Батафсилроқ тўхталадиган бўлсам, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, фақат Ўзбекистон Республикасининг Президенти «Амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритиш» ҳуқуқига эга. Олий Мажлис Сенати эса, Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига кўра, мазкур тақдимнома асосида ўзининг мутлақ ҳуқуқларидан бири ҳисобланган «амнистия тўғрисидаги ҳужжатни» қабул қилади. Яъни Сенатнинг ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги масала сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинади.
Ҳозирда кўпчиликни қизиқтираётган ва кўп бора берилаётган саволлардан бири, бу – “Мазкур йилда амнистия қачон қабул қилинади?” деган савол.
Бу саволнинг жавоби қуйидагича:
Юқоридаги қонунчилик нормаларидан аён бўлдики, амнистия қабул қилиниши учун асосий шартлардан бири бу Сенатнинг ялпи мажлиси ўтказилиши ва унда сенаторлар томонидан амнистия актининг муҳокама қилингандан кейингина қабул қилинишидир. Олий Мажлис Сенатининг расмий сайтига ишонадиган бўлсак, жорий йилдаги энг сўнги ялпи мажлис 12-13 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Одатда амнистия акти Сенат ялпи мажлисининг биринчи иш кунида кун тартибига киритилади. Демак, хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, амнистия акти жорий йилда 12 декабрь куни қабул қилиниши эҳтимоли катта.
АМНИСТИЯ АКТИ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ МАЪЛУМОТЛАР
Юқоридаги айтганимдек, мустақиллик йилларида жами 24 та амнистия акти қабул қилинди. Шундан 16 таси, аниқроқ айтадиган бўлсам, 1991 йилдан токи 2004 йилгача бўлган даврда, Президент Фармони асосида қабул қилинди. 2005 йилдан юртимизда икки палатали Парламент ташкил этилгач, мазкур ваколат айнан Сенатнинг мутлақ ваколатларидан бири сифатида Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлис Сенати томонидан 8 та амнистия акти қабул қилинди.
Илк амнистия акти 1991 йил 31 августда Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармони асосида эълон қилинганди.
Одатга кўра амнистия акти бир йилда бир марта эълон қилинади. Лекин истисно тарзида 1992 ҳамда 2003 йилларда бир йилда икки марта амнистия акти эълон қилинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, амнистия билан боғлиқ ҳужжатнинг муҳимлиги, уни амалиётда қўллашда бирон-бир хатоликка йўл қўймаслик, тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун амнистия тўғрисидаги актни қабул қилиш баробарида, мазкур ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ низомлар тасдиқланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, истиқлол йилларида қабул қилинган амнистия тўғрисидаги ҳужжатлар йилдан-йилга моҳият жиҳатидан ўзгариб, такомиллашиб бормоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу акт мазмун жиҳатидан аниқ ва лўнда, шакл жиҳатидан эса, маълум тизимга келтирилган бўлиб, унда умумий хусусиятдаги қоидалар акс этмоқда.
Хўш, ўтган йилларда амнистия актига қандай ўзгаришлар киритилган?
1998 йилдан бошлаб амнистия ҳужжати билан маълум бир тоифадаги маҳкумларга нисбатан жазонинг ўталмай қолган қисмини қисқартиришга оид қоида жорий этила бошланди, яъни озодликдан маҳрум қилиш каби жазоларнинг учдан бир ёки тўртдан бир қисми қисқартирилгани уларнинг ахлоқан тузалиш йўлига тезроқ ўтиши учун имкон яратмоқда. Илгари бундай қоида йўқ эди. Ёки бутунлай озодликка чиқарди, ёки ҳеч нарса ўзгармасди.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармонидан (2000 йил) бошлаб ҳозирга қадар амнистия ҳужжатларида, мазкур ҳужжат таъсирига тушган чет эл фуқароларини жазодан озод этишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармондан (2001 йил) бошлаб эса, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибидаги тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилиши йўлга қўйилган.
Шунингдек, 2008 йилда қонунчилигимизга киритилган ўзгаришга биноан, амнистия ҳужжатини қўллаш масаласининг фақат судлар томонидан ҳал қилинишининг белгилангани ҳам катта аҳамиятга эга.
Мустақиллик йилларида қабул қилинган барча амнистия актлари ҳақида маълумот
Барча амнистия актларини юклаб олиш
Президент Фармони асосида
№ |
Амнистия акти номи |
Қабул қилинган сана |
1 |
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан Амнистия тўғрисида | |
2 |
Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзо бўлгани муносабати билан Амнистия тўғрисида | |
3 |
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги эълон қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисида | |
4 |
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида | |
5 |
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг уч йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида | |
6 |
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
7 |
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
8 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
9 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг олти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
10 |
9 майни Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида | |
11 |
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
12 |
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
13 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
14 |
Биринчи марта озодликдан маҳрум этишга судланган шахсларнинг жазо ўташ шароитларини либераллаштириш тўғрисида |
26.09.2003 |
15 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
16 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида. |
Олий Мажлис Сенати Қарори асосида
№ |
Амнистия акти номи |
Қабул қилинган сана |
17 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
18 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
19 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
20 |
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
21 |
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн саккиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
22 |
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
23 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида | |
24 |
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида |
______________________
Мақолани тайёрлашда қуйидаги илмий мақолалардан қисман фойдаланилди:
1. Светлана Ортиқова. “Амнистия – бағрикенглик ифодаси” // Huquq va burch, 2013 йил, №1
2. Мавжуда Ражабова, Шоазиз Бердиев. “Амнистия акти: инсонпарварлик принципига содиқлик” // Олий суд ахборотномаси, 2013 йил, №2