АНАРХИЗМ (юнонча – anarchia – ҳокимиятсизлик) – сиёсий оқим бўлиб, сиёсий–тарихий жараёнларнинг мураккаб палласида сиёсий жараёнларга таъсир этишга интилиш усули. А.нинг барча кўринишларининг умумий жиҳати шундан иборатки, у давлатни жамиятдаги барча ёвузлик, мусибат ва жаҳолатнинг, жумладан урушларнинг, репрессияларнинг, ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларининг манбаи деб ҳисоблайди. Анархистлар стихияли тартибсизликлар воситасида давлат аппаратини емириб, ўрнига ишлаб чиқарувчиларнинг мухтор ассоциацияларини тузиш таклифларини илгари суради. Анархистик концепцияларга кўра, давлатчилик асосларини емириш жамиятда ижтимоий муносабатларнинг тубдан ижобийлашувига олиб келади. Шунингдек, А. тарафдорлари сиёсий курашларнинг барча кўринишларини, жумладан, сиёсий партиялар ва ташкилотлар орқали тартибли курашларни инкор этиб, асосий эътиборни мамлакатда оммавий иш ташлашлар, забастовка ва митинглар уюштириш орқали давлат органларига таъсир этишни тарғиб этадилар. А.нинг энг жирканч кўриниши – сиёсий таъсирнинг энг ифлос йўли бўлган терроризм ва оммавий қурбон усулини ҳам ёқлашидир. Шу жиҳатдан ҳам А. жамият ривожига салбий таъсир этувчи, умуминсоний қадриятларга зид оқим ҳисобланади. (муал. – М.Хамидова)