АНГЛИЯ–АМЕРИКА ҲУҚУҚИЙ ТИЗИМИ – Англияда, шунингдек, (муайян даражада соф кўринишда) АҚШ, Австралия, Ирландия, Канадада ва Англиянинг бошқа собиқ мустамлакаларида амалда бўлган ҳозирги даврнинг асосий ҳуқуқий тизимларидан бири. Инглиз ҳуқуқи континентал Европадан алоҳида ривожланган, Рим ҳуқуқи рецепцияси унга дахл этмаган. Англия норманнлар томонидан истило қилинган 1066 й. инглиз ҳуқуқи вужудга келган тарихий сана ҳисобланади. Бунгача партикуляр, яъни соф маҳаллий хусусиятга эга англосаксон ҳуқуқи мавжуд бўлган. Инглиз – америка ҳуқуқий тизими континентал (роман – герман) ҳуқуқий тизимидан анча фарқ қилади. Инглиз – америка ҳуқуқий тизимининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у статут ҳуқуқи (statute law) ва умумий ҳуқуқ (common law)га бўлинади. Муайян ҳуқуқий масалаларга доир парламент ҳужжатлари статут ҳуқуқининг манбаи ҳисобланади. Умумий ҳуқуқ кўплаб суд прецедентларидан, яъни ўхшаш ишларни кўриб чиқишда қўлланилиши мажбурий бўлган муайян ҳуқуқий принцип (ratio juris)ни белгиловчи қарорлардан ташкил топади. Шундай қилиб, прецедент ҳуқуқни белгиловчи роль ўйнайди. Ўрта асрлар охирида энг муҳим суд қарорлари тўпламлари ҳамда суд ҳисоботлари ишловлари пайдо бўлди; бу амалиёт ҳозиргача сақланиб келмоқда. Шу б-н бир қаторда ва ўша даврда умумий ҳуқуқ и-тларини илмий ишлаб чиқишга киришилди. Айрим ҳуқуқшуносларнинг, асосан Литглтон (XV аср), Кок (XVII аср) Блекстон (XVIII аср)нинг фикрлари суд учун мажбур ҳисобланар эди. Инглиз – америка ҳуқуқий тизимининг яна бир муҳим хусусияти шундан иборатки, унда суд процессининг принциплари, ғоялари, масалаларига, унинг одилоналигига катта эътибор берилади. Ниҳоят, умумий ҳуқуқ шаклланишининг хусусиятлари яна шунда намоён бўладики, инглиз ҳуқуқий тизими, континентал ҳуқуқдан фарқли ўлароқ, оммавий ва хусусийга бўлинмайди. Англияда 1873–1875 й.лардаги суд ислоҳотига қадар умумий ҳуқуқ қўлланиладиган судлар б-н бир қаторда, адолат судлари (equity) ҳам иш олиб борган. Улар алоҳида ҳуқуқ тизими (адолат ҳуқуқи)ни ташкил этган, умумий ҳуқуқ ўзининг турғунлигига кўра ҳаёт талабларига жавоб бермай қолган ҳолларда унга тузатишлар киритган. 1873–1875 й.ларда Англияда судларнинг ягона тизими жорий этилди, аммо умумий ҳуқуқ б-н адолат ҳуқуқи ўртасидаги фарқ ҳозиргача сақланиб келмоқда. Инглиз ҳуқуқининг эскилиги, турғунлиги, мураккаблига ва чалкашлиги, бирдан –бир вазифаси муайян ноқулай прецедентни четлаб ўтишдан иборат бўлган формал тузилмаларнинг кўплиги унинг салбий жиҳатлари ҳисобланади. Шу сабабли, XIX асрнинг иккичи ярмидан бошлаб, Англияда ҳуқуқ тармоқларини алоҳида қонун ҳужжатлари б-н қамраб олиш ва шу тариқа уларни статут ҳуқуқига ўтказишга интилиш кузатилади. Натижада олди –сотди тўғрисида, векселлар тўғрисида, акциядорлик жамиятлари тўғрисида ва бошқа қонунлар эълон қилинди. Америка заминига кўчирилгач, инглиз ҳуқуқида сезиларли ўзгаришлар рўй берганлигига қарамай, у ўзининг асосий принципларини сақлаб қолди. Америка ҳуқуқида қонун инглиз ҳуқуқига қараганда кўпроқ аҳамиятга эга. АҚШ ҳуқуқининг бир қанча тармоқлари муайян даражада кодификация қилинган (айниқса, жиноят ҳуқуқи ва процесси). Америка ҳуқуқининг ўзига хос хусусиятлари (инглиз ҳуқуқига таққослаганда) шундан иборатки, у федерал ҳуқуққа ва штатлар ҳуқуқига бўлинади, шунингдек, қабул қилинган конституция ва конституциявий назорат и-ти мавжуд. (муал. – Ж.Абдуллаев)