АНТРОПОМЕТРИЯ – антропологиянинг текшириш усулларидан бири. Криминалистикада одамнинг ташқи қиёфа белгилари асосида идентификация қилиш, таниб олиш, экспертиза ўтказишда қўлланиладиган услуб. Машҳур француз антропологи А.Бертильон жиноятчиларни рўйхатга олиш учун уларнинг тана аъзолари ўлчовини асос қилиб олган ва ўз вақтида аҳамиятга эга бўлган услубларини ишлаб чиққан. Жиноий рўйхатда қўл ва бармоқ излари ўрин ола бошлагач, ўлчов усули ўз аҳамиятини йўқота бошлаган. (муал. – Ж.Бобоев)