Yangi hujjatlar

ҚАРАМОҒИДА БЎЛИШ

ҚАРАМОҒИДА БЎЛИШ – кишини тўла таъминлаш ёки унга доимий ёрдам бериб туриш; бундай ёрдам унинг тирикчилик воситасининг асосий манбаи бўлмоғи лозим. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасида кўрсатиб ўтилган оила аъзолари, агар улар марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсалар, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳумнинг қарамоғида турган деб ҳисобланадилар. Марҳумнинг бирон турдаги пенсия олаётган оила аъзолари, агар марҳумнинг ёрдами улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса – боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар. Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота–онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар: а) болалар, ака–укалар, опа–сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар. Бунда ака–укалар, опа–сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота–онаси бўлмаса; б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар; в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр(хотин) ёхуд бува, буви, ака–ука ёки опа–сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака–укалари, опа–сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса; г) бува ва буви – агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса. Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар. Ўгай ўғил ва ўгай қиз, агар улар ота–оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар. Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига