АШЁ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ (маъмурий ҳуқуқда) – маъмурий мажбурловнинг алоҳида тури ҳисобланган олдини олиш чораси ҳисобланади. Ушбу чорани қўллаш тартиби бир неча қонун ҳужжатлари б-н белгиланган. Жумладан, МЖКнинг 290-м.га мувофиқ ҳуқуқбузарларни ушлаш, шахсий кўрикдан ўтказиш ёки ашёларини кўздан кечириш вақтида аниқланган ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ёки бевосита шундай нарса бўлмиш ашё ва ҳужжатлар тегишли ваколатли органларнинг мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилади. Олиб қўйилган ашё ва ҳужжатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилгунга қадар, шундай ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳуқуқи берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан белгилаб бериладиган жойларда сақланади, иш кўриб бўлинганидан кейин эса, уни кўриб чиқиш натижаларига қараб бу ашё ва ҳужжатлар белгиланган тартибда мусодара қилинади ёки эгасига қайтариб берилади ёхуд йўқ қилиб юборилади, ашёлар ҳақ тўлаб олиб қўйилган тақдирда эса – сотиб юборилади. Олиб қўйилган орден, медаль, фахрий унвоннинг кўкракка тақиладиган нишони қонуний эгасига қайтариб берилади, башарти, эгаси номаълум бўлса, унда тегишли органга жўнатилади. (муал. – А.Ли)