АСОССИЗ БОЙИШДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР – қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахснинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахснинг асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни жабрланувчига қайтариб бериши б-н боғлиқ мажбуриятлари. Бу мажбурият, шунингдек, мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади ва у б-н боғлиқ ФКнинг мавжуд қоидалари асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ–атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар, қўлланилади. (муал. – И.Зокиров)