Yangi hujjatlar

АТРОФ ТАБИИЙ МУҲИТГА КЎРСАТИЛАЁТГАН ТАЪСИР МОНИТОРИНГИ

АТРОФ ТАБИИЙ МУҲИТГА КЎРСАТИЛАЁТГАН ТАЪСИР МОНИТОРИНГИ – кўп мақсадли ахборот тизими бўлиб, унинг вазифаси атроф–муҳитга таъсир этувчи манбалар ва чиқиндиларни кузатиш, баҳолаш ва истиқболини аниқлашдан иборат. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш қоида-талабларини амалга оширишда намоён бўладиган экология назорати тизими. Атроф табиий муҳит ҳолатини кузатиб бориш табиатда бўладиган физикавий, кимёвий, биологик, гидрологик, сейсмологик ва бошқа ўзгаришларни кузатиш, маълумот тўплаш, ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ер ости бойликлари ва атмосфера ҳавоси ҳамда аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавфли ва салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш, атроф табиий муҳитда бўладиган ўзгаришларни давлат органлари ва кенг аҳоли қатламларига етказиш каби фаолиятни ўз ичига олади. Атроф табиий муҳит ҳолатини кузатиб бориш давлат хизматининг асосий йўналишларини ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология бош бошқармаси амалга оширади. Атроф муҳитда рўй бераётган табиий–экологик жараёнларни кузатиб бориш б-н бир қаторда ҳар бир табиий ресурснинг ҳолатига таъсир этувчи табиий ва антропоген омилларнинг ҳисобини юритиш, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва ер ости бойликларидан оқилона фойдаланишни таъминлашда табиий ресурслар кадастрини юритиш ҳам ушбу хизматнинг асосий йўналишларидандир. Ҳар бир табиий ресурс бўйича алоҳида кадастр хизмати тегишли махсус ваколатли давлат бошқарув органлари томонидан амалга оширилиб, табиий ресурсларнинг ҳолати ва уларда бўладиган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида табиатни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади. Атроф–муҳитга салбий таъсир қилганлик учун тўловларга бўлган баъзи умумий талаблар “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун б-н белгиланган. (муал. – А.Нигматов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига