Yangi hujjatlar

АУДИТОР

АУДИТОР – малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс. Агар а. аудиторлик ташкилотининг штатида турган бўлса ёки аудиторлик ташкилоти у б-н фуқаролик–ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган бўлса, у аудиторлик текшируви ўтказишга жалб этилиши мумкин. А. – аудиторлик текширувини сифатсиз ўтказганлиги, тижорат сирини ошкор этганлиги ҳамда бошқа хатти-ҳаракатлари оқибатида аудиторлик ташкилотига зарар етказганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ аудиторлик ташкилоти олдида жавобгар бўлади. А. малака сертификати жисмоний шахсга, башарти у аудиторлик ташкилоти штатида бўлса ёки у б-н аудиторлик ташкилоти фуқаролик–ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган бўлса, аудиторлик текширувини амалга ошириш ҳуқуқини беради. А. малака сертификати ЎзР Молия вазирлиги томонидан, агар даъвогар малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлса, берилади. Малака имтиҳони аудиторлик ташкилоти номидан аудиторлик текширувларини амалга оширишга даъвогар бўлган шахслар билимларини текшириш воситаси ҳисобланади. Малака имтиҳонини топширишга унга қўйилган талабларига жавоб берадиган даъвогарлар қўйилади. А. малака сертификатини олишга даъвогар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: олий иқтисодий маълумотга эга бўлиш ва бухгалтерия ҳисоби, аудит, молиявий ёки солиқ назорати соҳасида камида уч йиллик амалий иш ёки шу соҳаларда дарс бериш стажи; ёки иқтисодий бўлмаган олий ёхуд ўрта махсус иқтисодий маълумот б-н камида 5 й. а., бош бухгалтер, тафтишчи ёки солиқ инспектори сифатида иш стажига эга бўлиш. Бунда иш стажига кўрсатилган лавозимларда штатдаги ходим ёки ўриндош бўлиб ишлаш даври, шунингдек, а. ёрдамчиси сифатида ишлаш вақти ҳам киритилади; республика а.лар жамоат бирлашмаси б-н келишган ҳолда ЎзР Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган таълим дастури асосида а.ларни тайёрлаш марказларида махсус касбий тайёргарликдан ўтади. (муал. – А.Ли)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига