АЁЛЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ – вояга етмаган ва катта ёшдаги аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг йиғиндиси. А. ж.ни ўрганишда айнан аёл жинсига мансуб шахсларнинг жиноят содир этишига таъсир кўрсатувчи криминологик омиллар ва сабабларга эътибор берилмоғи зарур. Аёллар жиноятчилиги умумий жиноятчиликнинг тузилишида, ижтимоий шарт-шароитларга қараб ўзгариб борадиган, шу б-н бир вақтда умуман жиноятчилик (эркаклар жиноятчилиги)даги ўзгаришларни такрорламайди. Юқорида зикр этилган сабабларга кўра, аёллар жиноятчилиги жиноятчиликнинг ўсиб боришга мойил бўлган мустақил қисмини ташкил этади. Амалиётда аёллар эркакларга қараганда анча кам жиноят содир этади. Узоқ вақт мобайнида эркаклар ва аёллар жиноятчилигининг нисбати тахминан 1/7, 1/6 ни ташкил этиб келган. 2005 й.га оид статистика маълумотларига кўра, аёллар жиноятчилиги умумий жиноятчиликнинг 12,5% ташкил этади. Одатда, порахўрлик, ўзлаштириш, растрата ёки хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш йўли б-н талон–торож қилиш, савдо қоидаларини бузиш каби жиноятлар бундан мустасно. Мазкур жиноят турларида аёллар одатда аниқланган жами жиноятчиларнинг ярмини ташкил этган. Бу ҳолат хотин–қизларнинг жамиятдаги ижтимоий роли ва функциялари, улар ижтимоий ишлаб чиқаришнинг маълум соҳалари: савдо, умумий овқатланиш, аҳолига маиший хизмат кўрсатишда банд эканлиги б-н изоҳланади. Бу ерда собиқ иттифоқда мазкур соҳаларда кўрсатиладиган хизмат даражасининг пастлиги, аҳолига зарур бўлган товар ва хизматларнинг сурункали тақчиллиги ҳам ўз таъсирини кўрсатганки, булар ҳар хил қонунбузарликлар, хизмат ваколатини суиистеъмол қилишлар ва пировард натижада жиноятларга қулай замин яратган. Статистика маълумотлари аёллар жиноятчилиги тузилишида иқтисодиёт соҳасидаги, жумладан, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва ўтказиш каби «умумий» жиноятларнинг салмоғи анча катталигидан далолат беради. Одам ўлдириш, баданга шикаст етказиш каби жиноятларни аёллар кўпинча оилавий–маиший можаролар негизида содир этадилар. Бунда кўпинча жабрланувчилар, асосан айбдорларнинг эр ёки жазманининг виктим, провокацион хулқ–атвори сабаб бўлади. Ўзбекистонда ҳам бошқа чет эл давлатлардаги сингари онанинг ўз чақалоғини ўлдириши аёлларга хос жиноят бўлиб қолаётир. Безорилик хатти-ҳаракатларини содир этган шахслар орасида аёлларнинг салмоғи одатда 5–6 %ни, барча аёл жиноятчилар орасида эса – 3–4 %ни ташкил этади. Эркаклар сингари, аёллар ҳам безориликни одатда маст ҳолатда содир этади, бу сурункали равишда алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш, ғайриижтимоий турмуш тарзининг, баъзан руҳий хасталик б-н боғлиқ умумий маънавий таназзулнинг оқибати ҳисобланади. (муал. – Қ.Абдурасулова)