Yangi hujjatlar

БАНК ҲИСОБВАРАҒИ ШАРТНОМАСИ

БАНК ҲИСОБВАРАҒИ ШАРТНОМАСИ – банк ҳисобварағи шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит муассасаси (бундан буён матнда – банк) иккинчи тарафнинг – мижознинг (ҳисобварағи эгасининг) ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварақдан тегишли суммаларини ўтказиш ва тўлаш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги фармойишларини бажариш мажбуриятини олади. Банк мижознинг банк ҳисобварағида мавжуд бўлган пул маблағларидан ҳисобвараққа талаблар қўйилган вақтда маблағларнинг мавжуд бўлишини ҳамда ҳисобварақ эгасининг ушбу маблағларни ҳисобварақда турган суммалар доирасида монеликсиз тасарруф этиш ҳуқуқини кафолатлаган ҳолда фойдаланиши мумкин. Мижоз банкдаги ҳисобварақда турган ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этади. Банк мижознинг пул маблағларидан қай тарзда фойдаланишни белгилашга ва назорат қилишга ҳамда унинг пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига қонунда ёки банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилмаган бошқа чеклашларни белгилашга ҳақли эмас. Мижознинг банкдаги ҳисобварақда турган пул маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул шаклида олиниши мумкин. Б.ҳ.ш. ёзма шаклда тузилиши керак. Шартнома банк томонидан мижозга ёки у кўрсатган шахсга банкда тарафлар келишган шартларда ҳисобварақ очиш йўли б-н тузилади. Б.ҳ.в.ш. мижознинг аризасига мувофиқ исталган вақтда бекор қилинади. Банкнинг талабига кўра Б.ҳ.в.ш. қуйидаги ҳолларда суд томонидан бекор қилиниши мумкин: мижознинг ҳисобварағида сақланаётган пул маблағлари суммаси банк қоидаларида ёки шартномада кўзда тутилган энг кам миқдордан оз бўлса, агар бундай сумма банк бу ҳақда огоҳлантирган кундан бошлаб бир ойда тикланмаса; агар шартномада бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу ҳисобварақ бўйича бир й. давомида операциялар қилинмаган бўлса. Ҳисобварақдаги пул маблағларининг қолдиғи мижознинг тегишли ёзма аризаси олинганидан кейин кечи б-н етти кун ичида мижозга берилади ёки унинг кўрсатмасига мувофиқ бошқа ҳисобвараққа ўтказилади. Б.ҳ.в.ш.нинг бекор қилиниши мижоз ҳисобварағини ёпиш учун асос бўлади. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига