Yangi hujjatlar

БАЖАРИШНИНГ МУМКИН БЎЛМАСЛИГИ

БАЖАРИШНИНГ МУМКИН БЎЛМАСЛИГИ – қарздорнинг мажбурият мазмунини ташкил этган ҳаракатларни бажаришга имконияти бўлмагани. ФКнинг 349-м.да кўрсатилишича, агар тарафлардан биронтаси ўзи жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажара олмай қолса, мажбурият бекор бўлади. Башарти, қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас. Б.м.б. тасодифий ҳолатлар туфайли бўлишини бировнинг айби б-н боғлиқ бўлиши ҳолатидан ажратиш керак. Тасодифий ҳолат туфайли Б.м.б. деб мазкур вазиятда қайтариб бўлмайдиган куч, чунончи, сув тошқини, зилзила, ёнғин каби табиий офатлар туфайли бажариш мумкин бўлмаслиги тушунилади. Б.м.б. қарздор айби б-н бўлган деб ҳисоблаш учун бажариш имкониятини бермаган ҳолатлар қарздор қасддан ёки эҳтиётсизликдан йўл қўйган бўлиши ёхуд унинг олдини олмаган бўлиши керак. Агар бу ҳолатлар қарздорнинг айби б-н содир этилган бўлса, қарздор мажбуриятни бажаришдан озод бўлмайди. Бундай ҳолда мажбурият бекор бўлмай ўз кучида қолиб, фақат унинг мазмуни юз берган ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Қарздорнинг ўз айби б-н ижро этиб бўлмайдиган ҳолат содир қилинган бўлса, мажбурият бажарилмаслиги учун неустойка ёки зарарни тўлаш бурчидан озод қилинмайди. Б.м.б. ҳолатлар ўз мазмунига кўра бир неча турга, чунончи, жисмий, ҳуқуқий ва иқтисодий фактларга бўлинади. Жисмий жиҳатдан бажариб бўлмаслик деганда, бажарилиши лозим бўлган мажбурият нарсасининг нобуд бўлиши натижасида Б.м.б. тушунилади. Мас., ижарага берилаётган бинонинг ёнғин туфайли яроқсиз бўлиб қолганлиги сабабли мажбурият нарсасини бериб бўлмайди. Ҳуқуқий жиҳатдан бажариб бўлмаслик деганда, мажбурият мазмунини ташкил этган ҳаракатни қилишни ваколатли орган томонидан чиқарилган ҳуқуқий ҳужжат б-н ман қилиниши тушунилади. Мас., дори тайёрлаш заводи дори етказиб бериш мажбуриятини олса, лекин тайёрланган дорининг зарарли хусусияти маълум бўлиб қолиб, ваколатли орган фуқаролик муомаласидан чиқариш тўғрисида буйруқ берса, ҳуқуқий асос бўйича бажариб бўлмайдиган ҳолат рўй беради. Иқтисодий жиҳатдан Б.м.б. шу б-н характерланадики, қарздор мажбуриятни бажариш жараёнида ошиқча харажатлар қилиши лозим бўлса, бундай харажатлар туфайли халқ хўжалигига зарар етказилиши сабабли бажарилмаслиги мумкин. Бундан ташқари, мажбуриятни бутунлай ёки қисман, шунингдек, муттасил ва вақтинча бажариб бўлмасликни бир-биридан фарқ қилмоқ керак. Қисман Б.м.б., мас., шартномага асосан топшириладиган бир неча ашёнинг бири ёки бирмунчасининг бузилишидан келиб чиқиши мумкин. Бутунлай Б.м.б. эса топширилиши лозим бўлган мулкнинг тасодифий ҳолат сабабли истеъмолга яроқсиз бўлиб қолиши тушунилади. Вақтинча Б.м.б. ваколатли орган томонидан берилган буйруққа асосан мажбурият бажарилиши кечиктирилишини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Вақтинча Б.м.б.да мажбурият бутунлай бекор қилинмай, балки бажарилиши вақтинча тўхтатилиб турилади. Муттасил ижро этиб бўлмасликда бирон тасодифий ҳолат туфайли мажбуриятни ҳеч қачон бажариш мумкин бўлмайди. Мас., ёнғин туфайли вайрон бўлган муайян бинони ижарага бериш мажбурияти муттасил, ҳеч қачон бажарилмаслиги мумкин. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига