БЕМОРГА ЁРДАМ КЎРСАТМАСЛИК – ЖК 116-м.га кўра қонун ёки махсус қоидаларга мувофиқ касалга ёрдам кўрсатиши шарт бўлган шахснинг узрли сабабсиз шундай ёрдам кўрсатмаганлиги. Б.ё.к. баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса жиноий жавобгарликка тортилади. ЎзР “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга йўлда, кўчада, бошқа жамоат жойларида ва уйда биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга мажбур. Шифокорлар, акушерлар, тиббиёт ходимлари, шунингдек, махсус қоидалар б-н зиммаларига муайян шароитларда касалларга ёрдам кўрсатиш юклатилган шахслар – милиция, ёнғиндан муҳофаза қилиш, қутқарув хизмати ходимлари ҳам шу тоифага киради. (муал. – И.Беков)