БЕНИФИЦИАР – мажбуриятни таъминлаш усулларидан бири бўлган кафолатда принципалнинг кредитори. Кафолатда принципалнинг Б. олдидаги ўз асосий мажбурияти лозим даражада бажаришини таъминлайди. Кафилнинг Б. олдидаги кафолатда назарда тутилган мажбурияти улар ўртасидаги муносабатларда бажарилишини таъминлаш учун шу кафолат берилган асосий мажбуриятга, гарчи кафолатда ушбу мажбуриятга ҳавола қилинган бўлса–да, боғлиқ эмас. Кафолат бўйича Б.га тегишли бўлган кафилга талаб қўйиш ҳуқуқи, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас. Б.нинг кафолат бўйича пул суммасини тўлаш ҳақидаги талаби кафолатда кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда кафилга ёзма равишда тақдим этилиши керак. Талабда ёки унга иловада Б. принципалнинг таъминлаш учун кафолат берилган асосий мажбуриятни бузиши нимадан иборатлигини кўрсатиши керак. Б.нинг талаби кафолатда белгиланган муддат тугагунча кафилга тақдим этилиши керак. Кафил Б.нинг талабини олганидан сўнг бу ҳақда дарҳол принципални хабардор қилиши ва унга талабнинг нусхасини барча тегишли ҳужжатлар б-н топшириши керак. Кафил б.нинг талабини унга илова қилинган ҳужжатлар б-н биpга кафолатда кўрсатилган муддатда кўриб чиқиши, муддат кўрсатилмаганда эса – мутаносиб муддатда бу талаб ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун оқилона жонкуярлик кўрсатиши керак. Агар Б.нинг талаби ёки унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келмаса ёхуд кафилга кафолатда белгилаб қўйилган муддат тамом бўлганидан кейин тақдим этилган бўлса, кафил Б.нинг талабини қондиришни рад этади. Кафил Б.нинг талабини қондиришни рад этганлиги ҳақида уни дарҳол хабардор қилиши шарт. Агар Б.нинг талаби қондирилгунга қадар кафолат б-н таъминланган асосий мажбурият батамом ёки унинг тегишли қисми бажарилганлиги ёхуд бошқа асосларга кўра бекор бўлганлиги ёинки ҳақиқий эмас деб топилганлиги кафилга маълум бўлиб қолса, бу ҳақда дарҳол Б.га ва принципалга хабар бериши шарт. (муал. – И.Зокиров)