БИР НЕЧА ДАЪВОГАР ВА БИР НЕЧА ЖАВОБГАР – судга бир неча даъвогар (шерик даъвогарлар) томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга (шерик жавобгарларга) нисбатан талаб қўйилган ариза берилиши мумкин. Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этади. Учинчи шахслар ҳам процессда бирга иштирок этишлари мумкин. Процессда биргаликда иштирок этишга даъво ишларида, давлат органлари ва б. органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ҳамда аризалар бўйича ишларда ва алоҳида тартибда кўриладиган ишларда йўл қўйилади. Биргаликда иштирок этувчилар судда ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топширишлари мумкин. (муал. – М.Мамасиддиқов)