БИР НЕЧА ҲУКМ ЮЗАСИДАН ЖАЗО ТАЙИНЛАШ – маҳкум ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этганда, суд томонидан янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшиш йўли б-н якуний жазо тайинлаш. Шахс томонидан жазо ўташ вақтида янги жиноят содир этиши унинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқорилигини англатади. Бундан ташқари, ушбу ҳолат аввалги давлат мажбурлов чораси жиноий жазо мақсадларини бажаришга эришилмаганлигидан дарак беради. Ушбу шахсга бошқа таъсирчан чораларни кўриш тақозо этилади. Ҳукмлар жами бўйича жазо тайинлаш, фақат шахс томонидан янги жиноят, ҳукм чиқарилгандан то жазо тўла ўталгунга қадар содир этилган бўлса қўлланилади. Ҳукмни чиқариш вақти унинг қонуний кучга кириши эмас, балки ҳукмнинг очиқ эълон қилинишидан бошланади. Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда, суд узил–кесил жазо тури ва миқдорини, янги содир этилган жиноят учун тайинланган жазога аввал тайинланган жазони тўла ёки қисман қўшиш йўли б-н аниқлайди. Янги содир этилган жиноят учун тайинланган жазо тўлиқ ҳисобга олиниши лозим. Аввал тайинланган жазони ўталмаган қисмини қисман қўшишда, жиноятлар мажмуи учун жазо тайинлашда ишлатиладиган қисман қўшиш усулини қўллаш мумкин. Бир неча ҳукм юзасидан узил-кесил жазо тайинлашда, янги жиноят учун тайинланадиган жазога қўшиладиган ўталмаган жазони тўғри аниқлаш муҳимдир. Шунинг учун, судлар ҳукмининг кириш қисмида илгариги ҳукм юзасидан белгиланган жазонинг тури ва ўталмаган қисмини аниқ кўрсатмоғи лозим (ЖК 60-м.). (муал. – М.Усмоналиев)