Yangi hujjatlar

БИТИМ ШАКЛЛАРИ

БИТИМ ШАКЛЛАРИ – битим тузиш усули. Битимлар оғзаки ва ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади (ФКнинг 105-м., 1–банди). ФКнинг 106-м.га биноан қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма тасдиқланган шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан, у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш б-н тасдиқланган битим, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади. Ёзма шаклда тузилган шартнома бажаришга қаратилган битимлар, агар қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин. Қонунда индамасдан, сукут сақлаш орқали ҳам битим тузилиши мумкинлиги назарда тутилади. Бироқ бундай усулда битим тузишга фақат чекланган ҳоллардагина йўл қўйилади. ФКнинг 105-м.га асосан сукут сақлаш қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда битим тузишга бўлган хоҳиш–ироданинг ифодаси ҳисобланади. Шахснинг хулқ–атвори, хатти-ҳаракатларидан битим тузишга бўлган хоҳиш–иродаси билиниб турган ҳолларда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади. Бу усулда тузилган битимлар конклюдент (лотинча “конклюдо” “тузаман” деган маънони англатади) битимлар дейилади. Конклюдент ҳаракатлар шундай ҳаракатларки, улар оғзаки шаклда ҳам, ёзма шаклда ҳам ифода этилмаган бўлса–да, шахснинг нияти, мақсади ҳақида ўз–ўзидан гувоҳлик бериб туради. Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак. Агар қонун ҳужжатларига ёки иштирокчилардан бирининг талабларига зид бўлмаса, битим тузиш чоғида имзодан факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланилишига йўл қўйилади. Икки тарафлама битимлар ҳар бирини бераётган тараф имзолайдиган ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш йўли б-н тузилиши мумкин. Хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларнинг хоҳиш–иродасини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади. Қонун ҳужжатларида ва тарафларнинг келишувида битим шакли мос келиши шарт бўлган қўшимча талаблар (муайян шаклдаги бланкада тузилиши, муҳр босиб тасдиқланиши ва б.) белгилаб қўйилиши ва бу талабларга риоя этмаслик оқибатлари назарда тутилиши мумкин. Агар фуқаро жисмоний камчилиги, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли битимни шахсан ўзи имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан битимни бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бошқа фуқаронинг имзоси нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан гувоҳлантирилиб, битим тузувчи уни шахсан ўзи имзолай олмаслигининг сабаблари кўрсатилиши шарт. Ёзма шаклда тузилган битимни бажарган тараф иккинчи тарафдан ижрони тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишга ҳақли. Оғзаки тадбиркорлик битимини бажарган тараф ҳам ана шундай ҳуқуққа эга, тузилган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битимлар бундан мустасно. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига