БОЛАНИНГ НАСЛ–НАСАБИНИ АНИҚЛАШ – боланинг муайян онадан (оналикни аниқлашда) ва муайян отадан (оталикни аниқлашда) туғилганлиги фактини аниқлаш. Оналикни аниқлаш фуқаролик ҳолатини қайд этиш идораларида онанинг болани тиббий муассасада туққанлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида, бола тиббий муассасадан ташқарида туғилганда эса – тиббий ҳужжатлар, гувоҳлик ёки бошқа далиллар асосида амалга оширилади. Агар бола ўзаро никоҳда бўлган шахслардан, шунингдек, никоҳ бекор қилинган, ҳақиқий эмас деб тан олинган ёки бола онасининг эри вафот этганидан бошлаб 300 кун ўтмай туғилган ва агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, онанинг эри (собиқ эри) боланинг отаси деб тан олинади. Боланинг онаси б-н никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги бола отаси ва онасининг фуқаролик ҳолатини қайд этиш идораларига биргаликда ариза беришлари орқали, она вафот этган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, онанинг қаерда эканлигини аниқлаб бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда – бола отасининг аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик идорасининг розилиги б-н, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суд қарори бўйича аниқланади. Оталикни аниқлаш тўғрисида биргаликда ариза бериш мумкин бўлмай қолади ёки қийин бўлади, деб ўйлаш учун асослар бўлганда, боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-оналари фуқаролик ҳолатини қайд этиш идораларига бундай аризани онанинг ҳомиладорлик вақтидаёқ беришга ҳақли. Боланинг ота-онаси ҳақидаги маълумотлар бола туғилгандан кейин ёзиб қўйилади. (муал. – Б.Ахмаджонов)