БОШҚАРУВ ШАКЛИ – давлат ҳокимиятини ташкил этиш тартиби. Б.ш. олий ва маҳаллий давлат органларини тузиш усулини ҳамда уларнинг бир-бири ва аҳоли б-н ўзаро муносабатлари тартибини ўз ичига олади. Б.ш. ҳокимият бир шахс томонидан ёки сайлаб қўйиладиган жамоавий орган томонидан амалга оширилишига қараб турлича бўлади. 1) бошқарувнинг монархик шакли, 2) республика шакли. Монархик б.ш.да, амалдаги қонунларга мувофиқ монарх, республика б.ш.да эса сайлаб қўйиладиган давлат органи давлат ҳокимиятини бошқаради. Монархия ва республиканинг ҳар хил турлари мавжуд. Улар давлатларнинг типларига, шунингдек, уларнинг юзага келиши ва фаолият кўрсатиши шарт-шароитига кўп жиҳатдан боғлиқ. Жамият ва давлат тараққиётининг ҳозирги босқичида монархиянинг икки тури: дуалистик ва парламентар монархиялар фарқланади. Дуалистик монархиянинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда давлат ҳокимияти монарх б-н парламент ўртасида расмий – юридик тарзда тақсимланади. Ижро этувчи ҳокимият бевосита монарх қўлида, қонун чиқарувчи ҳокимият эса – парламент ихтиёрида бўлади. Аммо парламент амалда монархга бўйсунади. Парламентар монархия шу б-н фарқ қиладики, монархнинг мақоми давлат ҳокимиятини амалга оширишнинг барча соҳаларида расман ва амалда чеклаб қўйилади. Қонун чиқарувчи ҳокимият тўла парламентга, ижро этувчи ҳокимият эса – ҳукуматга тегишли бўлади. Ҳукумат ўз фаолияти учун парламент олдида жавобгар бўлади. Ҳукуматни шакллантиришда монархнинг иштироки рамзийдир. Англия, Голландия ва Швецияда парламентар монархия б.ш. бор. Ҳозирда республиканинг икки тури: ҳукумат ва давлат бошлиғи ваколатлари президент қўлида жамланадиган президент республикаси ҳамда парламент республикаси фарқланади. Парламент республикасининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда президент ҳокимияти нисбатан кучсиз бўлади, бош вазир эса бир вақтнинг ўзида ҳам ҳукумат бошлиғи, ҳам ҳукмрон партия ёки партиялар иттифоқининг раҳбари вазифаларини бажаради. Президент республикаларига Аргентина, Бразилия, Россия, АҚШ, Ўзбекистон ва б., парламент республикаларига эса – Греция, Германия ва б. киради. Ўзбекистонда Президент республикаси Президент ҳокимиятининг кучлилиги б-н ажралиб туради. ЎзРнинг Конс.га мувофиқ, Президент давлат бошлиғи сифатида ЎзРнинг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий–давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда ЎзР номидан иш кўради, музокаралар олиб боради ҳамда ЎзРнинг шартнома ва битимларини имзолайди, уларга риоя этилишини таъминлайди, вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини тузади ва тугатади, ЎзР Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Бош вазир номзодини тақдим этади ва лавозимидан озод қилади, қонунларни имзолайди ва эълон қилади, фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради ва ҳ.к. (муал. – Б.Тўраев)