Yangi hujjatlar

БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ

БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ – муайян давлатнинг божхона ҳудудини чекловчи шартли чизиқ: “Божхона чегараси – ЎзР божхона ҳудудининг чегараси”, б.ч. – ЎзР божхона қонунлари амал қиладиган макон чегараси. Б.ч. қўшни мамлакатларнинг божхона ҳудудини ажратиб туради, Ўзбекистоннинг божхона суверенитети амал қиладиган ҳудудни белгилаб беради. Божхона ҳуқуқида ташқи ва ички б.ч. тушунчалари фарқланади. Б.ч. сарҳадлари, шунингдек, эркин божхона зоналари ва эркин омборларнинг ҳудудлари ЎзРнинг б.ч. ҳисобланади. Ташқи б.ч. – қўшни давлатларнинг божхона ҳудудини ажратиб туради. Бу чегара одатда давлатнинг чегарасига мос келади (божхона анклавлари, эксклавлари ва б. бундан мустасно). Ташқи божхона чегарасида давлат чегараси тўғрисидаги қонунларда белгиланган маъмурий–ҳуқуқий режим амал қилади. Ташқи б.ч.ни божхоначилар чегара қўшинлари б-н биргаликда муҳофаза қиладилар. Ҳуқуқий мақомига кўра, ички чегара ташқисига тенглаштирилган: эркин зона ҳудуди чегара ҳудуди сифатида қаралади, у ерга кириш қатъий рухсатномалар бўйича махсус назорат–ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади. Ички б.ч. орқали юк ва қўл юклари давлат чегарасида қўлланиладиган божхона қоидалари бўйича ўтказилади. Белгиланган нормадан ортиқ товарлар олиб чиқилганда бож олинади. Чет эл товари эркин божхона ҳудудига кириб келганда (бу ҳудуд давлат чегараси ҳудудида бўлмасагина), у ҳам ташқи, ҳам ички б.ч.ни кесиб ўтади. Бундай ҳолда ташқи чегарада кўздан кечириш одатда божхона тўловисиз амалга оширилади ва, аввало, Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқиш тақиқланган товарни аниқлашдан иборат бўлади. Шундай қилиб, икки томонлама божхона назорати тизими шаклланади: ташқи чегарада божхона–полиция назорати, ички чегарада эса – божхона–тариф назорати амалга оширилади. Ички б.ч.ни қўриқлашни божхоначилар эркин божхона ҳудудининг маъмурияти б-н ҳамкорликда таъминлайдилар. (муал. – А.Ли)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига