БОЖХОНА СИЁСАТИ – божхона тизими орқали амалга ошириладиган ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги чоралар ва йўналишлар мажмуи. Б.с. давлат органларининг муайян иқтисодий, ижтимоий, молиявий ва савдо–сиёсий мақсадларга эришиш учун божлар ва йиғимлар тўплаш ҳамда божхона процедуралари ва б. воситаларини қўллаш фаолиятини ўз ичига олади. Б.с.ни амалга оширишнинг асосий воситалари қуйидагилардан иборат: божхона йўли б-н тартибга солишнинг иқтисодий воситалари тизими, божхона иттифоқларида эркин савдо зоналарида ва божхона конвенцияларида (битимларида) иштирок этиш; юкларни чегара орқали ўтказишнинг белгиланган тартиби (режими); божхона назорати б-н шуғулланувчи давлат органлари мажмуи; божхона фаолиятини тартибга солувчи зарур қонун–қоидалар. ЎзР ички ва ташқи сиёсатининг таркибий қисми бўлган ягона б.с. амалга оширилади. ЎзР божхона ҳудудида божхона назорати ва товар айирбошлашни тартибга солиш воситаларидан энг самарали фойдаланишни таъминлаш, миллий бозорни ҳимоя қилиш, миллий иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш, таркибий қайта қуришни амалга ошириш бўйича савдо–сиёсий вазифаларни бажаришда ва ЎзР иқтисодий сиёсатининг бошқа вазифаларини бажаришга ёрдамлашишда иштирок этиш, шунингдек, ЎзР Олий Мажлиси, Президенти ва ҳукумати томонидан ва қонун ҳужжатларига мувофиқ равишда белгиланадиган бошқа мақсадлар ва тадбирлар. (муал. – А.Ли)