БУТУНЖАҲОН ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ТАШКИЛОТИ (БИМТ) – ҳукуматлараро халқаро ташкилот. Штаб–квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган. БИМТ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мақоми б-н ишлайдиган ва унинг тизимидаги халқаро ташкилотларнинг бири ҳисобланади. БИМТ 1967 й. 14 июлда Стокгольм шаҳрида имзоланган “Бутунжаҳон Интеллектуал Мулки Ташкилотини ташкил этиш ҳақидаги Конвенция” асосида фаолият юритади. Конвенция 1970 й. кучга кирган. БИМТнинг вазифаларидан бири бутун дунёда давлатлар ўртасида келишув ва битимлар асосида интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни мувофиқлаштириш ва ҳар хил шартнома ҳамда конвенцияларнинг маъмурий бошқарувини таъминлашдан иборат. БИМТнинг маблағлари ва фаолияти асосан ривожланиб келаётган давлатлар, айниқса, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари, Яқин Шарқ мамлакатлари ва б. давлатларнинг ривожланишига қаратилган. 1974 й. дек.да БИМТ ҳукуматлараро халқаро ташкилот мақомини олган. (муал. – О.Ҳазратқулов)