БУЗИШ ҚУРОЛЛАРИ – криминалистика фанига оид атама. Жиноятчилар кўпинча турли хил объектларга, турар жойларга ўзларининг жиноий мақсадларини амалга ошириш учун ҳар хил Б.қ. ёрдамида куч ишлатиш йўли б-н, хона ва омбор эшик, деворларини бузиб киради. Б.қ. сифатида бузиш учун махсус тайёрланган (лом, монтировка, фомка, арра ва ҳ.) ёхуд тош, турли темир предметлар, ҳаттоки портлатиш воситасидан ҳам фойдаланилади. Баъзи вақтларда Б.қ. сифатида автоген, электр пайвандлаш асбоблари ҳам ишлатилади. Бузиш объектлари ўз тузилиши ва б. жиҳатлари б-н турли хилда бўлади. Б.қ. ҳодиса содир бўлган жойларда ишлатилганда турли хил излар қолдиради (тирналиш, кесилиш, синиш, пачақланиш, ишқаланиш, узилиш). Қулф, девор, пол, шип, шкаф, сейф, сандиқ ва ҳ.к.да Б.қ.да қоладиган изларни турли гуруҳларга бўлиш мумкин: а) кесилиш натижасида ҳосил бўладиган излар; б) ишқаланиш ёки сирғаниш натижасида ҳосил бўладиган излар. Эшик ва деразаларни очиш ёки бузиш учун уларнинг ораларига бирор асбоб тиқилади ёки махсус мослама–очқич б-н қулфни очмоқчи бўлганда ундан объектларда турли ботиқ излар қолади; в) кесишдан ҳосил бўладиган излар пичоқ, қайчи, теша, болта каби қуроллардан қолади. Бунда асосан юқорида кўрсатиб ўтилган предметлардан фойдаланилганда объектларда кесилиш аломатлари пайдо бўлади. (муал. – А.Норбоев)