Бугун, 13 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати куни кеча депутатлар томонидан қабул қилинган давлат бюджети сиёсатининг асосий йўналишларига изоҳ берди.
РАСМИЙ ХАБАР: ҲЕЧ НАРСА ЎЗГАРМАЙДИ
Матбуот хизмати хабарида энг эътиборга молик жиҳати, 2 кундан буён интернет тармоқларида шов-шувга сабаб бўлган хабар ҳақида ҳам изоҳ мавжуд.
Ёдингизда бўлса, электрон ОАВларда 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили натижаларига кўра умумий рейтинг баҳолари қониқарли (55дан 70 фоизгача) кўрсатгичига эга бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар кейинги ўқув йилидан мазкур ОТМнинг тўлов контракт асосида таълим олиш шаклига ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Тез фурсатда ушбу хабар кенг жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтига ушбу хабарга изоҳ берувчи маълумот жойлаштирилди. Унда айтиладики, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги принципидан келиб чиқиб, ОТМ талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибига ҳеч қандай ўзгаришлар киритилмайди.
Демак, 2 кун давомида кўпчилик томонидан муҳокама қилинган хабар асоссиз бўлиб чиқди.
АСЛИДА ҲАММАСИ ҚАНДАЙ БОШЛАНГАН ЭДИ?
Ҳаммаси UzReport ахборот агентлигининг 11 ноябрдаги қуйидаги хабаридан бошланди:
Гарчи ахборот агентлиги ушбу хабарни кейинчалик ўз сайтидан ўчириб ташлаган бўлса-да, Facebook ижтимоий тармоғи олдинги хотира бўйича интеграция қилиб беради.
Шундан сўнг, қолган деярли барча ОАВлар, хусусан, Gazeta.uz, Kun.uz нашрлари ушбу хабарга асосланиб, 12 ноябрь куни маълумот тарқатишди.
Бироқ мазкур хабар ўша куннинг ўзидаёқ олиб ташланди ва ҳозир ўша веб-манзилларда бундай хабар йўқлиги ҳақидаги маълумот турибди.
13 ноябрь куни, яъни бугун, Podrobno.uz нашри ҳам ушбу хабарни тарқатди. Улар энди манба сифатида Sputnik News нашрини кўрсатган. Лекин тез орада мазкур хабар Podrobno.uz сайтидан ҳам олиб ташланди (гарчи сарлавҳаси ҳалигача турган бўлса ҳам).
Кеча мен ҳам Gazeta.uz нашрига таяниб, сайтимга ва Фейсбукдаги саҳифамга ушбу хабарни жойлаган эдим. Бироқ мен асос қилиб олган хабар ўчирилгач, иккала жойдаги хабарларни ўчириб ташладим.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Бундай хабарларни ўқиётганимизда, расмий хабарнинг мақоми қолган ОАВлар тарқатган хабарлардан анча юқори эканлигини унутмаслигимиз даркор. Мингта миш-миш ва тахминлардан битта расмий хабар устунроқдир. Шу сабабли, ОТМда таҳсил олувчи талабаларга, айниқса давлат гранти асосида ўқийдиган талабаларга айтар сўзим, ваҳимага тушманг, ҳеч нарса ўзгармаяпти.
Лекин бу хабарнинг асоссиз эканлиги, Сизнинг яхши билим олиш борасидаги хоҳиш ва интилишингизга тўсиқ бўлмаслиги керак. Ниятим, жамиятда кўр-кўрона баҳо учун ўқийдиган эмас, ҳақиқий билимли ёшлар кўпаяверсин.