БЮДЖЕТ ССУДАСИ – юқори бюджетдан қуйи бюджетга ёхуд республика бюджетидан резидент–юридик шахсга ёки чет давлатга қайтариш шарти б-н ажратиладиган маблағ. Б.с. кечиктириб бўлмайдиган биринчи навбатдаги тадбирларни молиялаштиришни таъминлаш учун берилади. Улар: а) даромадлар тушумлари б-н харажатларни амалга ошириш ўртасидаги режали вақтинча узилишларини қоплаш учун; б) даромадлар тушумлари б-н харажатларни амалга ошириш ўртасидаги амалдаги вақтинчалик касса узилишларини қоплаш учун; в) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетлар режали харажатларини мақсадли молиялаштириш схемаларини амалга ошириш учун ажратилади. Ссудалар жойлардаги ҳокимият ижроия органлари раҳбарларининг ёзма мурожаати бўйича берилади. Улар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлари ва Тошкент ш. ҳокими томонидан ЎзР Молия вазирлигига жўнатилади, туманлар ва ш. ҳокимлари эса юқори ҳокимият органларига юборади. Бюджетга даромадлар келиб тушмаган ёки бюджет харажатларини олдиндан молиялаштириш зарурати туғилган ҳолатлар ҳамда қабул қилинган чоралар тегишли бюджет даромадлари ва харажатлари мувозанатини таъминламаган шароитлар ссуда берилиши учун мурожаатга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. (муал. – А.Ли)