Yangi hujjatlar

БЮДЖЕТ ТАСНИФИ

БЮДЖЕТ ТАСНИФИ – давлат бюджети тузилмасига кирувчи бюджетлар даромадлари ва харажатларини, шунингдек, унинг тақчиллигини молиялаштириш манбаларини гуруҳлаш. Б.т. Давлат бюджетини тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш ҳамда ижро этиш мақсадида бюджет маълумотларини тизимга солиш учун фойдаланилади ва у бюджет маълумотлари халқаро тасниф тизимларининг айнан шундай маълумотлари б-н қиёсланишини таъминлайди. Б.т.: Давлат бюджети даромадларининг таснифини; Давлат бюджети харажатларининг вазифа жиҳатидан, ташкилий ва иқтисодий таснифини; Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш манбалари таснифини ўз ичига олади. Давлат бюджети даромадларининг таснифи қонун ҳужжатларига мувофиқ уларни турлари ва манбалари бўйича гуруҳлашдан иборат бўлади. Давлат бюджети харажатларининг вазифа жиҳатидан таснифи давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, бошқа бюджет ташкилотлари томонидан ижро этиладиган асосий вазифалар бўйича харажатларни гуруҳлашдан иборат бўлади. Давлат бюджети харажатларининг ташкилий таснифи бюджетдан ажратиладиган маблағлар уларни бевосита олувчилар ўртасида тақсимланишини акс эттирувчи хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбирлар турлари бўйича харажатларни гуруҳлашдан, Давлат бюджети харажатларининг иқтисодий таснифи тўловларнинг иқтисодий вазифаси ва турлари бўйича харажатларни гуруҳлашдан, Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш манбалари таснифи тақчилликни молиялаштиришнинг ички ва ташқи манбалари бўйича гуруҳлашдан иборат бўлади. Б.т. қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ЎзР Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. (муал. – А.Ли)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига