ДАЪВОНИНГ БАҲОСИ – даъвогар талаб қилган мулкий талабларнинг пулдаги ифодаси. Д.б. қуйидагича белгиланади: 1) пул ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича – ундириладиган суммага қараб; 2) мулк талаб қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича – даъво қилинаётган мулкнинг қийматига қараб; 3) бир қанча мустақил талаблардан иборат даъволар бўйича – ҳамма талабларнинг умумий суммасига қараб; 4) алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича – бир йиллик тўловларнинг йиғиндисига қараб; 5) муддатли тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича – тўловларнинг ёки бериладиган пулларнинг кўпи б-н уч йиллик йиғиндисига қараб; 6) муддатсиз ёки умрбод тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича – тўловларнинг ёки пулларнинг уч й. ичидаги йиғиндисига қараб; 7) тўловларни ёки пул беришни камайтириш ёхуд кўпайтириш тўғрисидаги даъволар бўйича – тўловлар ёки бериладиган пуллар камайтириладиган ёки кўпайтириладиган суммага, лекин кўпи б-н бир йиллик суммага қараб; 8) тўловларни ёки пул беришни тўхтатиш тўғрисидаги даъволар бўйича – қолган тўловлар ёки пулларнинг кўпи б-н бир йиллик йиғиндисига қараб; 9) мулк ижараси шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш ҳақидаги даъволар бўйича – шартнома амал қилишининг қолган муддатида мулкдан фойдаланиш учун тўланадиган тўловларнинг кўпи б-н уч й. ичида йиғиндисига қараб; 10) хусусий мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли иморатларга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар бўйича – иморатнинг ҳақиқий қийматига қараб бу миқдор инвентаризация баҳосидан, инвентаризация баҳоси бўлмаганида эса мажбурий суғурта баҳосидан кам бўлмаслиги керак, ташкилотларга қарашли иморатларга доир даъволар бўйича эса иморатларнинг ҳақиқий баҳосидан кам бўлмаслиги керак. (муал. – З.Эсанова)