ДАКТИЛОСКОПИЯ (юнонча daktilos–бармоқ, skopeo–кузатмоқ) – қўл бармоқлари учидаги тери изларига қараб шахсни аниқлаш усули. Бу излар ариқча ва дўнгалак шаклидаги нозик чизиқлардан иборат бўлиб, ёйсимон, сиртмоқли ва гажакдор нақшлар ҳосил қилади. Анатомия фанининг тери тузилиши билимига биноан тери икки қатлам: “дерма” ва “эпидермис”лардан иборат бўлиб, ўзига хос кашта микротузилиши б-н тавсифланади. Ташқи тери қатлами бўлмиш “эпидермис” бу чизиқларни такрорлайди.
Қўл–бармоқ изларидаги бу хусусият инсоннинг ҳомила даврида шаклланиб, умри бўйи, ҳатто ўлгандан сўнг ҳам тери тўқималарида чириш аломати юз берганга қадар ўзгармайди. Қўл изларининг далилий аҳамияти шундаки, тери каштасининг хусусиятини ифодаловчи белги-аломатлар йиғиндиси иккинчи шахсда такрорланмайди ва бу излар асосида конкрет бир шахснинг айнанлиги аниқланади. Д.дан бир ярим асрдан буён деярли барча мамлакатларда жиноятчиларни рўйхатга олиш ва қидириб топиш воситаси сифатида фойдаланилади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)