ДАЛИЛ – ижтимоий хавфли қилмишнинг юз берган–бермаганлигини, шу қилмишни содир этган шахснинг айбли–айбсизлигини ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни суриштирувчининг, терговчининг ва суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай ҳақиқий маълумотлар жиноят иши бўйича далил ҳисобланади. Бу маълумотлар гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий далиллар, овоз ёзувлари, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва б. ҳужжатлар б-н аниқланади. Суд ишларида исботланиши лозим бўлган ҳолатларни тасдиқлайдиган ёки инкор этадиган турли фактик маълумотлар. Д. судда ҳақиқатни аниқлаб, одилона қарорга келиш учун ягона асосдир. Д. фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноят ишларини юритишга оид қонунлар б-н белгиланган тартибда тўпланиши шарт. Д. фуқаролик ишларида тотишувчи тарафларнинг талаб ва эътирозларини асослашга, жиноят ишларида жиноий воқеа юз бергани, уни содир этган шахс кимлиги, жиноят мақсади, айблилик даражаси, етказилган зарарнинг миқдори тўла ва аниқ белгиланишига хизмат қилади. Д.ларни фақат ваколатли давлат органлари ва мансабдор шахслар тўплайди. Тергов ва суд иштирокчилари Д. тақдим этиши, уларни баҳолаш ҳақида илтимос қилиши мумкин. Д. сифатида даъвогар ва жавобгарнинг судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, турли ҳужжатлар, ашёвий Д.лар ва эксперт хулосаларидан фойдаланилади. (муал. – Г.Тўлаганова)