ДАРОМАД КЕЛТИРАДИГАН ОБЛИГАЦИЯЛАР – компания фойда олган тақдирдагина фоизлар тўланадиган облигациялар. ЎзРнинг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида» ги Қонунига (02.09.1993.) биноан облигациялар уларнинг эгаси пул маблағлари берганлигини тасдиқ этувчи ва қимматли қоғозларнинг белгиланган қийматини уларда кўрсатилган муддатда, қайд этилган фоиз тўланган ҳолда, башарти облигацияларни чиқариш шартларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қоплаш мажбуриятини тасдиқловчи қимматли қоғозлардир. Ўзбекистонда ички заёмларнинг ва маҳаллий заёмларнинг облигациялари ва корхоналарнинг облигациялари чиқарилади. Облигациялар оддий ва ютуқли, фоизли ва фоизсиз (мақсадли), эркин муомалада юритиладиган ёки муомала доираси чекланган қилиб чиқарилиши мумкин. (муал. – Л.Хван)