ДАСТЛАБКИ ҚАМОҚ
– эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш. Айбланувчи, судланувчи содир этган, ЖКда назарда тутилган оғир ёки ўта оғир жиноятнинг хавфлилиги туфайли, суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан яшириниш хавфи бор, деган ўринли тахмин мазкур чорани танлаш учун асос бўлиши мумкин. Эҳтиёт чораси сифатида Д.қ. ЖКда камида уч й. муддатга озодликдан маҳрум этиш тариқасида жазо бериш назарда тутилган, қасддан содир этилган, беш й.дан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган эҳтиётсизлик б-н содир этилган жиноятларга доир ишлар бўйича; фақат ушлаб турилган. гумон қилинаётган шахсга ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин. Гумон остидаги шахсга ўн кун ичида айб эълон қилинмаса, у озод қилинади. Айбланувчи уч ойгача, юқори прокурорларнинг розилиги б-н айрим ҳолларда бир й.гача қамоқда сақланиши мумкин. Қонунсиз ёки асоссиз қамоқда бўлган шахс моддий ва маънавий зиён учун товон олиш ҳуқуқига эга (ЖПК 242–243м.). (муал. – Ғ.Абдумажидов)