Yangi hujjatlar

ДАСТЛАБКИ ШАРТНОМА

ДАСТЛАБКИ ШАРТНОМА дастлабки шартнома бўйича тарафлар келгусида мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақида дастлабки шартномада назарда тутилган шартлар асосида шартнома тузиш (асосий шартнома) мажбуриятини оладилар. Дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди–ю, асосий шартноманинг шакли аниқ бўлмаса, ёзма шаклда тузилади. Дастлабки шартноманинг шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади. Дастлабки шартномада асосий шартноманинг нарсасини, шунингдек, бошқа муҳим шартларини белгилаб қўйиш имконини берадиган шартлар бўлиши керак. Дастлабки шартномада тарафлар қанча муддатда асосий шартномани тузиш мажбуриятини олиши кўрсатилади. Агар дастлабки шартномада бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий шартнома дастлабки шартнома тузилган пайтдан бошлаб бир й. ичида тузилиши шарт. Дастлабки шартномани тузган, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома тузиши шарт бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби б-н судга мурожаат қилишга ҳақли. Шунингдек, шартнома тузишдан асоссиз бўйин товлаётган тараф шу туфайли етказилган зарарларни бошқа тарафга тўлаши керак. Агар тарафлар асосий шартномани тузишлари лозим бўлган муддатнинг охиригача тузмаса ёки тарафларнинг биронтаси ҳам иккинчи тарафга ана шундай шартнома тузиш ҳақида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бекор бўлади. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига