ДАСТЛАБКИ ТАДҚИҚОТ – эксперт тадқиқотининг босқичи. Бунда эксперт унга текшириш учун тақдим этилган иш материаллари, ашёвий далиллар ва намуналар б-н танишади, уларнинг эксперт олдига қўйилган масалаларга жавоб бериш учун етарлилиги аниқланади. Зарур бўлган қўшимча маълумотлар талаб қилинади. Дастлабки тадқиқотда текширишга тақдим этилган объектларнинг умумий кўриниши фотосуратга олинади. Объектларни текшириш ишлари махсус билимларга эга бўлган мутахассислар томонидан олиб борилади. Текшириш давомида мутахассис ҳар бир объектни тузилишига қараб гуруҳларга ажратиб тадқиқот қилади. Тадқиқот ишлари олиб боришда махсус криминалистик адабиётлар ва техника воситаларидан фойдаланилади. Тадқиқот ишлари бошлашдан аввал мутахассис объектни тўлиқ кўздан кечириб, ундаги мавжуд барча умумий ва хусусий белгиларини ўрганиб чиқади. Терговчи томонидан қўйилган саволларга жавоб қилишда аниқланган барча белгилар ёритилади. Мас., дактилоскопик тадқиқотларда бармоқ изларини қиёслаштиришга яроқли эканлиги ва ушбу излар кимларга тегишли эканлиги аниқланади. Д.т. натижасида ушбу из аниқ-маълум объект томонидан колдирилгани тўғрисида хулоса чиқарилади. Бу хулоса из белгиларини шу изни қолдирган объектнинг белгилари б-н таққослаш натижаларига асосланади. (муал. – А.Норбоев)