Yangi hujjatlar

ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ

ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ – судгача тергов йўли б-н далил тўплаш. Д.т. давомида жиноят ва жиноятчини аниқлаш, ишни тўғри ҳал этиш учун аҳамиятли бўлган ҳамма ҳолатлар бўйича далиллар йиғилади ва текширилади, муайян шахсни жиноят содир қилганликда айблаш масаласи ҳал этилади. Суриштирув ўтказилган ишлар бўйича Д.т. суриштирув тугаллангандан кейин олиб борилади. ЖПКга биноан. Д.т. мажбурий бўлиб, у барча жиноят ишлари бўйича ўтказилиши шарт. Д.т.ни прокуратура, ички ишлар органлари ва миллий хавфсизлик хизмати терговчилари олиб боради. Уни прокурорлар ҳам ўтказиши мумкин. Жиноят қаерда содир этилган бўлса, жиноят иши ўша туман (ш.) терговчисининг терговига тегишли бўлади. Терговчи жиноятларнинг олдини олиш ва уларни фош этиш учун жамоатчиликни жалб қилишга ҳақлидир. Шу мақсадда у жамоат бирлашмалари, жамоалар ва аҳолига жиноят иши учун аҳамиятга молик маълумотлар ҳақида хабар қилади, қидирилаётган шахслар ёки нарсалар турган жойни кўрсатишни сўраб, мурожаат этади. Жамоат бирлашмалари ва жамоалар терговчининг илтимосига кўра, айрим тергов ҳаракатларида иштирок этиш учун ораларидан холислар, таржимонлар, мутахассисларни тавсия қилишлари мумкин, уларга нисбатан тегишли процесс иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва бурчлари тўғрисидаги қоидалар тўлиқ татбиқ этилади. Д.т. бошланишида терговчи жиноят ишини қўзғатиб, уни ўз иш юритувига олади ва бу ҳақда иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги қарорга ёзиб қўяди. ЖПКга биноан, Д.т. жиноят иши қўзғатилгандан бошлаб, уч ой давомида тамомланиши лозим. Бу муҳлат юқори прокурорлар томонидан бир й.гача узайтирилиши мумкин. Д.т. айблов хулосаси ёки ишни тугатиш тўғрисида қарор, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахс ақли норасолиги сабабли тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси кўриш учун ёки жабрланувчи ва жиноятни содир қилган шахс ярашгани сабабли ишни тугатиш учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш б-н тамомланади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига