ДАВЛАТ – жамиятни бошқаришнинг муайян усули, сиёсий тизимнинг асосий элементи, бутун жамиятга нисбатан амал қиладиган, унинг расмий вакили ҳисобланадиган, зарур ҳолларда мажбурлов чоралари ва воситаларига таянадиган халқ сиёсий ҳокимияти. Д. жамиятни бошқарувчи тизим сифатида, ўзининг тузилмасига ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириш учун махсус органларга, чунончи давлат механизми, унинг аппаратига эга бўлади.
Конституциявий ҳуқуқ назариясида – Д. жамиятни ташкил этишнинг маълум усули, сиёсий тизимнинг асосий элементи, бутун жамиятга тааллуқли бўлган, унинг расмий вакили бўладиган ва зарур ҳолларда мажбурлаш воситалари ҳамда чораларига таянадиган сиёсий ҳокимиятни ташкил этиш. Жамиятни бошқарувчи тизим сифатида ички тузилмага, ўз ваколатларини амалга ошириш учун махсус органлар – Д. механизми, унинг аппаратига эга бўлади. Д. фаолиятининг асосий йўналишлари: унинг асосий вазифалари ўзаро боғланган ва бири–биридан келиб чиқадиган ички (жамият доирасидаги фаолият) ва ташқи (д.лараро муносабат)га бўлинади; 2. Конституциявий ҳуқуқ фани ва амалётида Д. “мамлакат”, “халқаро ҳуқуқнинг асосий субъекти” тушунчаларининг синоними сифатида ишлатилади. 3. Конституциявий ҳуқуқда мамлакат кўламида ёки федерация субъектида ишлаб турган расмий д. органлари (ҳукумат, парламент, судлар ва б.)нинг мажмуи ёки бу органлар (префектлар, комиссарлар ва б.)нинг маҳаллий агент (вакил)лари б-н ҳудудий ҳокимият қонун чиқарувчилик мухториятидан фойдаланувчилар (мас., Италиядаги вилоят) назарда тутиладиган тушунча.
Фуқаролик ҳуқуқида – ФКнинг 2-м.га мувофиқ, Д. фуқаролик қонун ҳужжатлари б-н тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчиларидан биридир. Фуқаролик ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланган – фуқаролар, юридик шахслар ва д. бир-бири б-н тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида биридан иккинчиси устун ҳисобланмайди. Д. фуқаролик–ҳуқуқий муносабатларнинг бошқа субъектлари б-н ўзаро ҳуқуқий алоқаларга киришар экан, ўзига тегишли бўлган имтиёзлар: ҳокимият ваколати, бошқариш фаолияти, устунлик мақомидан воз кечади. Фуқаролик–ҳуқуқий муносабатларда д. суверенитет соҳиби сифатида ягона ва бўлинмас субъект ҳисобланади. У ҳар қандай ҳуқуқий муносабатда бўлгани каби фуқаролик–ҳуқуқий муносабатда ҳам ўзига хос манфаатлар асосида иштирок этади. Биринчи навбатда д. халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Д. олий ҳокимият соҳиби бўлганлиги туфайли фуқаролик–ҳуқуқий муносабат субъекти сифатида қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга: фуқаролик ҳуқуқи субъектлари амал қиладиган қонунларни ўзи белгилайди; д. иммунитетдан фойдаланади; ҳуқуқ ва муомала лаёқатини чеклаш бўйича бошқа субъектларга тааллуқли бўлган қоидалар д.га татбиқ этилмайди. Д.нинг фуқаролик–ҳуқуқий муносабатлардаги “алоҳида шахс” мақоми гарчи юридик шахсга ўхшаса–да, аммо у б-н бир хилда эмас. Зеро, Д. юридик шахс (ipso jure) эмас. (муал. – И.Зокиров)