Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ БУЮРТМА ҚЎРИҚХОНАЛАРИ

ДАВЛАТ БУЮРТМА ҚЎРИҚХОНАЛАРИ (заказниклар) – табиий мажмуаларни ёки уларнинг айрим бўлакларини асраш, кучайтириш ва тиклаш мақсадида зарур муддатга ажратиб қўйилган ҳудудлар (акваторийлар). Заказниклар алоҳида қимматга эга бўлган табиий ландшафтлар ва мажмуаларни асраш ва тиклаш учун мўлжалланган; қимматли, нодир ва йўқолиб бораётган ўсимликлар ва жониворлар турларини асраб қолиш ва тиклаш учун мўлжалланган биологик; жонсиз табиатнинг қимматли объектлари ва мажмуаларини асраб қолиш учун мўлжалланган гидрологик (ботқоқ, кўл, дарё); табиат яратган нодир ва ноёб рельеф шаклларини асраб қолиш учун мўлжалланган геоморфологик; нодир геологик ва минералогик ҳосилалар ва тузилмаларни асраб қолиш учун мўлжалланган геологик ва минералогик заказникларга бўлинади. Заказниклар бошқа қўриқхоналарга нисбатан ҳуқуқий режими бир мунча юмшоқроқ бўлган муҳофаза ҳудудларининг бир туридир. Бу ерда бутун табиий мажмуа муҳофаза этилмасдан, фақат унинг айрим элементларигина, яъни баъзи ҳайвон турлари, балиқ урчиш жойлари, ландшафт, ноёб ўсимликлар, сув объектлари ва б. муҳофаза этилади. (муал. – Ҳ.Бобоев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига