ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ – давлат пул маблағларининг (шу жумладан, давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг) марказлаштирилган жамғармаси. Унда даромадлар манбалари ва тушумлар миқдори, шунингдек, молия й. мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади. Д.б.: республика бюджетини, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини ва маҳаллий бюджетларни ўз ичига олади. Давлат бюджети таркибида давлат мақсадли жамғармалари жамланади. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетини ҳамда республикага (Қорақалпоғистон) бўйсунувчи туманлар ва ш.лар бюджетларини ўз ичига олади. Вилоятнинг бюджети вилоят бюджетини, вилоятга бўйсунувчи туманлар ва ш.лар бюджетларини ўз ичига олади. Туманларга бўлинадиган ш.нинг бюджети ш. бюджетини ва ш. таркибига кирувчи туманлар бюджетларини ўз ичига олади. Туманга бўйсунадиган ш.лари бўлган туманнинг бюджети туман бюджетини ва туман бўйсунувидаги ш.лар бюджетларини ўз ичига олади. (муал. – Л.Хван)