Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ – давлатлар ҳудудини бир-биридан ажратиб турувчи, ер ва сув устидан ўтувчи чизиқлар. Д. ч. муайян давлатнинг ҳудудлари ниҳоясини аниқ белгилаб беради. Д. ч. дахлсиз ва уларнинг бузилиши давлат суверенитетининг бузилиши ҳисобланади. Ҳар бир давлат ўз чегаралари хавфсизлиги ва бузилмаслигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш ҳуқуқига эга. Д.ч.да қонун орқали давлат томонидан ўрнатилувчи ёки чегарадош давлат б-н келишган ҳолда ўрнатилувчи махсус чегара тартиби мавжуд. Қўшни давлатлар б-н чегаралар шартнома ва қонун асосида белгиланади. Д.ч.ни зўрлик б-н ўзгартириш халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланган. Ўтиш жойига кўра д.ч. қуруқлик, сув (денгиз, дарё, кўл), ҳаво, қуруқлик ва сув ости чегараларига бўлинади. ЎзРси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон б-н қуруқликда, Афғонистон б-н сувда (Амударё орқали) чегарадош. Д.ч. давлатнинг қуруқликдаги ва сув ҳудудидаги, ҳаво кенгликларидаги ва ер остидаги суверенитетининг чегарасини белгилайди. Д.ч. қуруқликдаги, дарё ва кўллардаги ҳамда денгиздаги чегараларга бўлинади. Қуруқликдаги чегаралар деганда, жой рельефидаги ўзига хос нуқталар (м–н, тоғ чўққилари) ёки жўғрофий координаталарнинг муайян нуқталари орқали, шунингдек, параллеллар ва меридианлар орқали ўтадиган чизиқлар тушунилади. Дарёдаги Д.ч. дарёлар бўйича ўтади, бунда агар халқаро шартномаларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, кўпинча кема қатнайдиган дарёлардан асосий фарватернинг ўртасидан ёки дарёнинг тальвегасидан (энг чуқур жойлари чизиғидан), кемалар қатнамайдиган дарёлар (сойлар)да эса – уларнинг ўртаси ёки дарёнинг асосий ирмоғи ўртасидан ўтувчи чизиқ чегара ҳисобланади. Кўлларда ва б. сув ҳавзаларида Д.ч. чегараларнинг кўл ёки бошқа сув ҳавзаси қирғоқларига чиқадиган жойларини туташтирувчи тўғри чизиқ орқали ўтади. Агарда кўл чўзиқ шаклга эга бўлиб, қарама–қарши қирғоқлари қўшни давлатларга тегишли бўлса, бу чегара медиана бўйича ўтказилиши мумкин. Агар чегарадош давлатлар бошқача шартлашмаган бўлсалар, дарё (сой), кўл ёки бошқа сув ҳавзаси бўйича ўтадиган Д.ч. уларнинг қирғоқлари ёки сув сатҳи ўзгарганда ҳам, дарё (сой) ўзани у ёки бу томонга кўчганда ҳам ўзгармайди. Агар давлатнинг ҳудудий сув ҳавзаси бошқа давлатларнинг худди шундай сув ҳавзалари б-н туташмаган бўлса, ушбу давлатнинг денгиз чегараларини ҳар бир давлат ўз ҳудудий сув ҳавзаларининг ташқи чегараси бўйича мустақил равишда ўрнатади. Агар икки ёки ундан ортиқ давлатларнинг ҳудудий сув ҳавзалари туташ бўлса, улар ўртасидаги чегара чизиғи битим асосида белгиланади. (муал. – О.Муҳаммаджонов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига