ДАВЛАТ ДИНИ – муайян динни давлат расмий ташкилотининг узвий қисми сифатида тан олинишини англатади. Бу давлатнинг, биринчидан, мазкур динни маблағ б-н таъминлашини, иккинчидан, попларни тайинлашда иштирок этишини, учинчидан, мазкур дин бошқаруви ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлашини, тўртинчидан, мазкур дин айрим давлат вазифаларини, жумладан, никоҳ, туғилганлик, ўлимни қайд этишни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини тан олишни англатади. Д.д. тартиботи (и-ти) Буюк Британия, Швеция, Норвегия, Дания, Исландия (лютеранлик), Испания, Парагвай (католик), Греция (правословие), Иордания, Эрон, Марокаш ва б. (ислом) мамлакатларда мавжуд. Қатор давлатлар (Бельгия, ГФР, Нидерландия, Исроил)да дин давлат томонидан юридик тан олинган. Бу ҳолда давлат диний лавозимларга тайинлаш ва унинг ички ишларини тартибга солишда аралашмайди, аммо тан олинган динни молиявий қўллаб–қувватлайди, кўпинча диний никоҳ маросимининг юридик оқибатларини тан олади. ЎзР Конс.нинг 31– м.га кўра ҳар бир фуқарога виждон эркинлиги кафолатланади. Бирор диний қарашлар мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. (муал. – Ҳ.Бобоев)