ДАВЛАТ ЕР КАДАСТРИ – давлат кадастрлари ягона тизимининг асосий таркибий қисми ҳисобланиб, у ерларнинг табиий, хўжалик, ҳуқуқий ҳолати, тоифалари, сифат хусусиятлари ва қиммати, ер участкаларининг жойлашиши ва ўлчамлари, уларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ўртасидаги тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ҳужжатлар тизимидир (“Давлат ер кадастри тўғрисида”ги Қонуннинг 3-м.). Д. ер к.нинг мақсади – иқтисодиётни ривожлантириш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатларини таъминлаш, ердан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш учун кадастр маълумотларидан фойдаланишнинг ҳуқукий асосларини белгилашдан иборат. Д. ер к.нинг ҳуқуқий–меъёрий асосларини 1998 й. 28 авг.да қабул қилинган Д.е.к. тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 й. 31 дек.даги «Ўзбекистон Республикасида давлат ер кадастрини юритиш тўғрисида»ги 543-сонли қарори, унга илова қилинган «Давлат ер кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом» ва б. қонун ҳужжатлари ташкил этади. Д. ер к.ни юритувчи органлар, ов қилиш ва балиқ овлаш хўжалигини юритувчи, ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олиб ҳамда ажратиб олмасдан илмий, маданий-маърифий, ўқув ва тайёрлаш мақсадларида ҳайвонот дунёсидан фойдаланувчи юридик шахслар ҳайвонот дунёси давлат кадастрининг субъектлари ҳисобланади. Давлат кадастрини юритувчи органлар, ўсимлик дунёсидан фойдаланувчи юридик шахслар: қишлоқ хўжалигида банд бўлган ерларда қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалар ва ташкилотлар; давлат ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалиги корхоналари; заҳиралардаги ерларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жойлардаги давлат ҳокимиятининг ваколатли органлари: ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган, доривор озиқбоп ва манзарали турлари бўйича республиканинг бутун ҳудудида ЎзР ФА ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри субъектлари ҳисобланадилар. Давлат реестри – махсус ваколатли давлат бошқарув органлари (Ер ресурслари давлат қўмитаси ва унинг бўлинмалари) томонидан олиб бориладиган ердан фойдаланувчилар рўйхати ва уларнинг ер участкалари ҳақидаги ахборотловчи маълумотлари. (муал. – М.Усмонов)