Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ ФУНКЦИЯЛАРИ

ДАВЛАТ ФУНКЦИЯЛАРИ – давлатнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган давлат фаолиятининг асосий (бош) йўналишлари. Д.ф. давлат мақсади ва вазифалари б-н чамбарчас боғлиқдир. Давлат ўз олдига қўйган мақсадга эришиши учун маълум бир вазифаларни ҳал қилиши лозим, бу эса ўз навбатида тегишли функцияларни амалга оширишни тақозо этади. Вазифа ечилиши талаб қилинадиган масала бўлса, функция – ушбу масалани ечимига йўналтирилган фаолият туридир. Вазифа, бир томондан, маълум хусусиятга эга бўлмаган бирор–бир мақсадга эришиш заруратини, иккинчи томондан эса маълум фаолият турини амалга ошириш заруратини ўз ичига олади. Д.ф. унинг вазифаларига боғлиқ бўлади, чунки вазифалар функцияларнинг мавжудлигини ва уларнинг мазмунини белгилайди, уларни амалга ошириш шакл ва усулларига таъсир кўрсатади. Функциялар мазмуни, давлатнинг қандай фаолият олиб бораётганлигини, шу муҳитда бошқарув ҳаракатларини қай йўсинда юритаётганлигини, унинг тегишли органлари нима б-н шуғулланаётганлигини кўрсатади. Д.ф.нинг айрим босқичларидаги функция ва вазифалари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик муаммоси ҳам ички, ҳам ташқи функцияларга татбиқан ҳал қилинади, зеро улар юзага келишининг тарихий сабаблари тегишли равишда давлат ривожланишининг ички объектив қонунлари ва ташқи шарт-шароитларга боғлиқ бўлади. Бир хил ривожланиш босқичида турган ҳар хил давлатлар бир хил мазмунли функцияларга эга бўлсалар–да, уларнинг моҳияти, шакллари ва айниқса, функцияларини амалга ошириш усулларида фарқлар бўлиши мумкин. Д.ф. қуйидагича таснифланади: фаолият доирасига кўра (ички ва ташқи); фаолият муддатига кўра (доимий ва вақтинчалик); ижтимоий аҳамиятига кўра (асосий ва асосий бўлмаган); амалга оширишнинг ҳуқуқий шаклларига кўра (ҳуқуқни ижод қилиш, ҳуқуқни ижро қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш (суд). (муал. – Ж.Абдуллаев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига