ДАВЛАТ ГЕРБИ – давлатнинг расмий аломати ҳисобланадиган фарқловчи белги. Д.г. байроқлар, пул белгилари, муҳрлар ва айрим расмий ҳужжатларда акс эттирилади; Д.г.нинг мазмуни конс. ёки махсус қонун б-н белгиланади. 1992 й.нинг 2 июлида Ўзбекистоннинг “Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Гербимиз марказида қанотларини кенг ёйиб турган Ҳумо қуши тасвирланган. Бу бахт-саодат ва эрксеварлик рамзидир. Ҳумо қуши ўзбек халқи орасида одамларни бахт-саодатга етказувчи илоҳий қушнинг рамзи сифатида эъзозланиб келган. Д.г.нинг юқори қисмида Ўзбекистоннинг барқарорлиги рамзи бўлган 8 қиррали юлдуз тасвирланган бўлиб, унинг ичида ярим ой ва 5 қиррали юлдуз ифодаланган. Қуёш тасвири – ўзбек давлати ва халқининг ҳаёт йўли ҳамиша нурли бўлиши учун билдирилган эзгу ниятдир. Бундан ташқари, қуёш мамлакатимиздаги ниҳоятда гўзал, табиий иқлим шароитини ҳам кўрсатиб туради. Гербдаги бошқа тасвирлар ризқ-рўзимиз бўлмиш ғалланинг тимсоли, оппоқ бўлиб очилаётган пахта чаноқлари давлат байроғига ўхшаган лента б-н ўраб қўйилган – бу мамлакатимизда яшаётган халқлар якдиллигининг тимсолидир. (муал. – Ш.Абдуқодиров)