ДАВЛАТ ХАЗИНАСИ – умумий қоидага кўра, давлатга тегишли мол-мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини амалга ошириш тартибига кўра давлат мулки қуйидаги икки қисмга бўлинади: д.х. ва давлат юридик шахсларига бириктирилган мол-мулк. Д.х. бюджет маблағлари ва давлат органлари ҳамда юридик шахсларига бошқача ашёвий ҳуқуқлар асосида бириктирилмаган мол-мулклардан иборат бўлади. Бюджет маблағлари эса давлатнинг нақд пулсиз маблағларидир. Бошқа маблағлар жумласига давлат мулкига ўтган, лекин ҳали давлатнинг юридик шахсларига бириктирилмаган жисмий ашёлар киради. Бу турдаги ашёлар бир юридик шахсдан олиниб, бошқасига қайтиб берилмаган бўлиши керак. Мас., давлатга тегишли юридик шахс тугатилганда унга бириктирилган давлат мулки давлат ихтиёрига қайтарилади. Ана шу пайтдан бошлаб, бу мол-мулк д.х. мол-мулки ҳисобланади ва б. юридик шахсга бириктирилмагунича д.х.нинг таркибида туради. (муал. – И.Зокиров)