Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ ИММУНИТЕТИ

ДАВЛАТ ИММУНИТЕТИ – халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан бири. Давлат ва унинг органларини чет эл давлатининг юрисдикциясига бўйсунмаслигини англатади. Давлат иммунитети халқаро ҳуқуқдаги “par in parem non habet imperium” (тенг тенглар устидан ҳукмронлик қилмайди) тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади. Давлат иммунитетини иккита: мутлақ ва чекланган турлари мавжуд. ЎзРда давлат иммунитетининг мутлақ тури қўлланилади. Чет эл давлатини юрисдикциясидан бўлган мутлақ иммунитет мазмунини қуйидагилар ташкил этади: 1) суд иммунитети – чет эл давлати судларида суверенитет эгаси ҳисобланувчи давлатнинг розилигисиз унга нисбатан берилган даъволар қабул қилинмайди; 2) олдиндан даъвони таъминлашдан дахлсизлик – даъвони таъминлаш мақсадида у ёки бу давлатнинг мулкига нисбатан бошқа бирон бир давлат мажбурий чора кўра олмайди; 3) суд қарорини мажбурий ижро этишдан дахлсизлик – давлатнинг розилигисиз унинг мулкига нисбатан мажбуран қўлланувчи чоралар кўрилиши мумкин эмас.

Д.и. давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда фуқаролар ва юридик шахслар б-н тенг иштироки. Бу ўз навбатида фуқаролик ҳуқуқидаги барча субъектларга нисбатан шахс атамасини қўллаш имконини беради. Бу ҳолда давлат ҳам субъектив ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга жисмоний шахс ва юридик шахс каби тушунилади. Ушбу қоидага кўра, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардаги иштироки жиҳатидан давлат, гарчи у объектив ҳуқуқлар ижодкори ҳисобланса-да, барча субъектлар каби субъектив ҳуқуқ соҳиби, ҳуқуқлар ва юридик мажбуриятлар эгаси ҳисобланади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда давлатнинг субъектлик мақоми фуқаролик ҳуқуқининг барча субъектларига хос бўлган умумийликдан келиб чиқиб, давлатни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардаги “алоҳида шахс” деб номлашни тақозо қилади. Бундай алоҳидалик давлатнинг иммунитетдан фойдаланишида яққол намоён бўлади. Эътироф этилган қоидага кўра, ҳар бир давлат бошқа бир давлат юрисдикциясидан иммунитет ҳуқуқига эга. Иммунитет – юрисдикцияни истисно қилиш ёки ундан озод этишдир. Бу эса, юрисдикцияга бўйсунмаслик б-н баробар. Шубҳасиз, ҳар бир давлат бошқа бир давлат юрисдикциясига бўйсунмайди. Бироқ давлат иммунитети тамойилига нисбатан давлат кенг маънода, яъни давлатнинг ўз ҳокимият ваколатларини амалга ошириши тарзида ишлатилади. Давлат иммунитети тамойили бир давлатнинг иккинчи бир давлатга бўйсунмаслигини англатади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардаги давлат иммунитети ҳар бир давлатнинг ўз ваколатларини ўзи қабул қилган қонун ҳужжатлари асосида амалга ошириши, бунда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатдаги давлатнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақатгина шу давлатнинг қонунчилигига мувофиқ белгиланишидир. Давлат иммунитет соҳиби сифатида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг қайси турида иштирок этишини ҳам ўзи белгилайди. Мас., ФКнинг 457-м.да давлат ўз эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномасида тараф сифатида иштирок этиши белгиланган. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда иммунитет давлатга нисбатан шундай ҳолатни юзага келтирадики, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиб, ўз мажбуриятларини бажармаган давлат фақат ўз миллий қонунчилиги асосида жавобгарликка тортилади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда давлатга нисбатан ваколатларни амалга оширмаслик ва ҳокимият ваколатларидан фойдаланмаслик талаби белгиланган бўлса-да, давлатнинг бу белгилари у б-н чамбарчас боғлиқлиги сабабли фуқаролик–ҳуқуқий муносабатларга ҳам таъсир этади. Айнан шу ҳолатлар Д.и. атамасининг моҳиятини ташкил этади. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига