Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ КОРХОНАСИ

ДАВЛАТ КОРХОНАСИ – давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ташкил қилинган, ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада, давлатнинг топшириқларига ҳамда мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларини амалга оширувчи юридик шахс. Давлат ўзига тегишли мол-мулкни ва унга нисбатан мулкий ҳуқуқларни ўз органига ёки ўзи ташкил этган юридик шахсга топширар экан, уларни амалга оширишга нисбатан бир қатор талабларни белгилайди. Бундай талаблар жумласига: қонунда белгилаб қўйилган доирада ҳаракат қилиш; ўз фаолиятининг мақсадларига кўра мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш; давлатнинг топшириқларига амал қилиш; мол-мулкнинг вазифасини ҳисобга олган ҳолда унга нисбатан ҳуқуқларни амалга ошириш кабилар киради. Давлат мулк ҳуқуқини амалга оширишда қонунда белгиланган доира – давлат юридик шахсларининг давлат мулк ҳуқуқини амалга ошириш юзасидан уларга берилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳажмига асосланади. Бундай ҳуқуқ ва мажбуриятлар д.к.нинг Устави (Низоми) да белгиланади. Устав мулкдор–давлат томонидан тайёрланади ва давлатнинг ваколатли органида рўйхатга олинади. Оператив бошқариш ҳуқуқи берилган д.к. давлат мулк ҳуқуқини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасидан четга чиқса, у ҳолда давлат ўз мулкий ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқидан фойдаланади. Д.к.га мулк муайян фаолиятни амалга ошириш учун бириктирилади. Ҳар қандай ҳолларда ҳам оператив бошқариш ҳуқуқидан фойдаланаётган д.к.лари мулкдан ўзларининг фаолият мақсадлари йўлида фойдаланишлари ва мулкий ҳуқуқнинг бошқа элементларини амалга оширишлари лозим. Агар д.к. мол-мулкдан ўзга мақсадларда (қонун ҳужжатлари, Низом ёки Уставда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно) фойдаланса ёки умуман фойдаланмаётган бўлса, давлат эгаси сифатида мол-мулкни олиб қўйиш ҳамда уни ўзи хоҳлаган тарзда тасарруф этишга ҳақли. Бундай тасарруф этиш суд тартибида эмас, мулкдор (давлат) нинг ўз хоҳиши б-н амалга оширилади. Д.к. бир вақтнинг ўзида фуқаролик ҳуқуқининг ҳам субъекти, ҳам объекти ҳисобланади. ФКнинг 85-м.га кўра, бутун корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланади. Бутун корхона ёки унинг қисми олиш–сотиш, гаровга қўйиш, ижара ҳамда ашёвий ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш б-н боғлиқ бошқа битимларнинг объекти бўлиши мумкин.(муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига