Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ МУЛК ҲУҚУҚИ

ДАВЛАТ МУЛК ҲУҚУҚИ – қонун ҳужжатлари асосида давлатга қарашли бўлган мол-мулкка давлат органларининг ва давлат томонидан тузилган юридик шахсларнинг аниқ йўналтирилган ва олдиндан белгилаб қўйилган мақсадни кўзлаб эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши ҳамда давлат мулк ҳуқуқини ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқи. Давлат юридик шахсларига бириктирилган мол-мулк уларга ашёвий ҳуқуқ (хўжалик юритиш ва оператив бошқариш) асосида берилади ва бу ҳол давлатнинг ўз мол-мулкига нисбатан мулкий ҳуқуқларни амалга оширишига тўсқинлик қилмайди. Давлатнинг мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиши бу мол-мулк давлат юридик шахсларига бириктирилган ёки бириктирилмаганлигидан қатъи назар, мол-мулк натура – ашёвий шаклда (давлат бюджети бундан мустасно) ягона ҳисобланади. Бунда мулкдор битта субъект бўлиб, бу субъект “мавҳум” ҳамда унинг фаолияти органлар ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бу эса, ашёвий ҳуқуқлардан мулк ҳуқуқи эмас, балки бошқалари бу муносабатда кенг қўлланилишини англатади. Гарчи давлат органлари, унинг таркибий қисмлари, давлат юридик шахслари унинг мол-мулки ҳисобланса-да, ҳуқуқий муносабатда улар мустақил субъект сифатида ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам давлат мулкдор сифатида ўз мол-мулкини давлат органлари ва юридик шахсларига (давлат ташкил этган) оператив бошқариш ва хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида беради. Бу ҳолат давлат мулкига нисбатан мулкий ҳуқуқлар (эгаллаш, фойдаланиш, тасарруф этиш) нинг ягона йўли ҳисобланади. Давлат мулкини бошқариш ва тасарруф этиш масалалари ҳам ўзига хос ҳолат бўлиб, бунда давлат мулкини бошқарадиган ва уни тасарруф этиши мумкин бўлган органлар давлат номидан бевосита мамлакат ички фуқаролик муомаласида иштирок этадилар. Умумий қоидага кўра, давлат мулкини бевосита асосий ижроия орган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг органлари (Молия вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш қўмитаси каби) бошқаради ҳамда тасарруф этиш ваколатларини амалга оширади. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига