ДАВЛАТ САНИТАРИЯ НАЗОРАТИ – санитария қонунлари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган санитария–эпидемиология хизмати. ЎзРнинг давлат санитария–эпидемиология хизмати қайси идорага бўйсунишидан ва мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, ЎзР ҳудудида жойлашган давлат идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этишлари устидан д.с.н.ни амалга оширади. ЎзР Мудофаа, Ички ишлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг темир йўлда ишлаётган ва қурилаётган объектларида идоравий санитария назоратини тегишли вазирликлар ва идораларнинг санитария-эпидемиология станциялари амалга оширадилар. Санитария милицияси ЎзР Ички ишлар вазирлигининг ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги б-н келишган ҳолда тасдиқлаган Низомга мувофиқ санитария текширувини амалга оширади. Давлат санитария–эпидемиология хизмати идоралари, муассасалари ва мансабдор шахслари, қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, санитария–эпидемиология хизмати фаолиятига йўл–йўриқ кўрсатиб раҳбарлик қиладилар, уни уйғунлаштириб ва текшириб борадилар. (муал. – Л.Хван)