ДАВЛАТ СИРИ – ошкор этилиши тақиқланган, давлат аҳамиятига эга бўлган маълумотлар. Улар махсус рўйхатлар б-н белгилаб қўйилади. Д.с. давлат, ҳарбий ва хизмат сирига бўлинади. ЎзРнинг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида” қонуни (1993 й. 7 май) га кўра, ошкор этилиши республика ҳарбий, иқтисодий ҳолатига салбий таъсир этиши ёки ЎзРнинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар д.с.ни ташкил этади; ошкор этилиши ЎзРнинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар ҳарбий сирни ташкил этади; ошкор этилиши ЎзР манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади. Д.с.ни сақлаш бўйича масъулият давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади. ЖКда Д.с.ларини ошкор қилганлик ёки ўзгага берганлик, Д.с. ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни, шунингдек, ашё ёки м.ни йўқотганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бу хилдаги жиноятлар жосуслик ва давлатга хиёнат қилиш жиноятидан фарқли равишда кўпинча эҳтиётсизлик, ҳужжатларни сақлаш қоидаларига риоя этмаслик оқибатида содир қилинади. Д.с.ни ошкор қилиш, Д.с. ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни йўқотиш оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, жазо кучайтирилади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)