ДАВЛАТ СИРЛАРИНИ ОШКОР ҚИЛИШ – уларни билиши лозим бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан воқиф бўлиши ва бу маълумотларнинг ошкор этилиши. Давлат сирларининг ошкор этилиши давлатимизга ёки умуман инсониятга қарши қаратилган бошқа ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши учун шарт-шароит яратади. Бундай қилмиш ижтимоий хавфли деб топилади ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Д.с.о.қ. икки усулда – ошкор қилиш ва етказиш б-н содир этилиши мумкин. Ошкор қилиш – уларни тарқатиш бўлиб, бунинг натижасида улар б-н танишиш ҳуқуқига эга бўлмаган ноаниқ доирадаги шахслар махфий маълумотлардан воқиф бўлиши, етказиш эса – айбдор томонидан давлат сирларининг улар б-н танишиш ҳуқуқига эга бўлмаган муайян шахсларга тақдим этилишидан иборат. (муал. – Ғ.Абдумажидов)