ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ – ЎзРнинг 1991 й. 19 ноя.да қабул қилинган “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни б-н тартибга солинади. Унга кўра, давлат тасарруфидан чиқариш – давлат корхоналарини ва ташкилотларини хўжалик ширкатлари ва жамиятларига, давлатга қарашли мулк бўлмайдиган бошқа корхоналар ташкилотларга айлантиришдир. ЎзР оммавий мулки объектлари тўлиқ равишда ёки қисман давлат тасарруфидан чиқарилади. Ер (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), ер ости бойликлари, ички сув, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий ресурслар, маданият бойликлари ва тарихий бойликлар давлат тасарруфидан чиқарилмайди. Давлат тасарруфидан чиқаришни амалга ошириш чоғида ЎзРнинг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, давлатга тегишли юридик шахслар; хорижий юридик шахслар, хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар мулкни олувчи субъектлар бўлиши мумкин. Д.т.ч. мамлакатимизда давлат корхонасини хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантириш; давлат мол-мулкини танлов йўли б-н ва ким ошди савдосида давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларга ва жисмоний шахсларга сотиш шаклида, шунингдек, ЎзР қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкин. ЎзРнинг республика мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган давлат бошқаруви идораларига берилади. Муниципал мулк объектларини д.т.ч. тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларига берилади. Д.т.ч. объектининг сотув нархини оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи (яъни, юқоридаги давлат органлари) белгилайди. Сотув нархини белгилашда объектнинг д.т.ч. вақтидаги қийматига асосланилади ҳамда д.т.ч. ўтказилаётган пайтда қарор топган ҳақиқий баҳоси ҳисобга олиниши лозим. (муал. – И.Зокиров)